Бунёдкорлик ишларига дахлдорлик туйғуси
Бугун мамлакатимизнинг қай бир ґўшасида бўлманг, кўркам таълим муассасаларию маҳобатли бинолар, гўзал хиёбонлар, кенг ва равон йўллару чиройли кўчаларни кўрасиз. Юрт ободлиги ва фаровонлиги йўлидаги бундай бунёдкорликларга ёшларимиз ҳам ҳисса қўшаётганидан қувонасиз.
Ёзги таътил вақтида ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни ҳам моддий, ҳам маънавий қўллаб-қувватлаш мақсадида “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамкорлигида “Бунёдкор” талаба ёшлар меҳнат гуруҳлари ташкил этилди.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги 721та меҳнат гуруҳларида талабалар билан бирга маҳаллалардаги ёшлар ҳам фаолият олиб боришмоқда. Муҳими, кўркам ва обод юрт фарзандлари улкан бунёдкорлик ишларига дахлдорлик туйғуси билан яшамоқдалар. Биргина Андижон вилоятида 500 нафардан зиёд ёшлар қурилиш, ободонлаштириш ишларида фаол иштирок этаяпти.
— Университет талабаларидан иборат “Бунёдкор” кўнгилли меҳнат гуруҳи аъзолари қурилиш майдонларида ўзига хос шижоат билан ишлашаяпти, — дейди Андижон давлат университети проректори Абдулҳай Собиров. — Талабалар иш ўрганиш билан бирга, моддий томондан ҳам рағбатлантирилмоқда. Университет ҳудудида меҳнат қилаётган талабаларимиз учун уч маҳал иссиқ овқат билан бирга маданий дам олишлари учун етарлича шарт-шароит яратиб берилган. Энг асосийси, ёшлар жамоада ишлаш учун кўникма ҳосил қилмоқда.
— Қаердаки қурилиш, бунёдкорлик ишлари бардавом бўлса, ўша юртда ривожланиш, тараққиёт бўлади, — дейди “Бунёдкор” меҳнат гуруҳи аъзоси Омонулла Собиров. — Буни юртимиздаги бемисл бунёдкорликлар, юксалишлар мисолида ҳам кҳриб турибмиз. Ана шу эзгу ишларга оз бўлса-да ҳисса қўшаётганимдан хурсандман.
Дилфуза ТОШКЕНБОЕВА,
«Ma’rifat» мухбири