Ёрқин таассуротларга бой ҳафталик
Муҳташам Ёшлар ижод саройи ҳар галгидан-да гавжум. Сарой фойе ва залларини айланар экансиз, ёшлар яратган гўзал ва нафис ижод намуналарини томоша қилиб, ҳайратланасиз, завқланасиз. «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати, Олий ва ўрта махсус таълим, Маданият ва спорт ишлари вазирликлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг истиқболли ёш педагог ва илмий кадрлар малакасини ошириш «Истеъдод» жамғармаси ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган «Ёшлар ҳафталиги»да Зулфия номидаги давлат мукофоти, «Ниҳол» мукофоти, «Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишони совриндорлари, халқаро олимпиада, кўрик-танлов, спорт мусобақалари ғолиблари, санъат ва маданият намояндалари, таниқли илм-фан арбоблари, кино ва мода йўналишида ижод қилаётган хорижий экспертлар иштирок этди.
«Эртанги кун бизники, марра бизники!» шиори остидаги фестивалнинг очилиш маросимида «Камолот» ЁИҲ марказий кенгаши раиси Б.Ғаниев, Ўзбекистон Республикаси Президентининг истиқболли ёш педагог ва илмий кадрлар малакасини ошириш «Истеъдод» жамғармаси директори А.Пардаев, Ўзбекистон Бадиий академияси раиси А.Нуриддинов, Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Б.Усмонов ва бошқалар сўзга чиқиб, ҳафталикнинг ёшлар ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти ҳақида гапирди.
— Ҳафталик Ўзбекистон Республикасида 2015 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар дастурига мувофиқ ташкил этилди, — дейди «Камолот» ЁИҲ марказий кенгаши раиси Баҳодир Ғаниев. — Фестивални ўтказишдан асосий мақсад ёш авлоднинг Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат, миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини мустаҳкамлаш, билим ва салоҳиятини намоён этишига кўмаклашиш ва муносиб рағбатлантиришдир. Ҳафталикда талабалар еттита йўналишда иқтидор ва маҳоратини намойиш этиш имкониятига эга бўлади. Жумладан, санъат соҳасига қизиққан йигит-қизлар жаҳон адабиётининг энг сара асарлари асосида спектакль саҳналаштиради, ёш киноижодкорлар ўзи ишлаган қисқа метражли фильм ва видеороликларини тақдим этади. Мода ва дизайн фестивали ҳам ҳафталикнинг энг йирик лойиҳаларидан саналади. Интеллектуал беллашув ва илмий-амалий конференциялар эса «Ёшлар ҳафталиги»нинг янада мазмунли бўлишини таъминлайди.
Ҳафталикнинг илк тадбири Республика рассомлик коллежининг мода либослар намойиши бўлди. Кўп қиррали лойиҳалардан бири бўлган мазкур тадбир доирасида «Мода лабораторияси» намойиши, «Мода: муаммо ва ечим» илмий-амалий анжумани, миллий либослар ва замонавий модельерлар дефилеси, ёш ҳунарманд ва рассомларнинг кўргазмалари, маҳорат дарслари ташкил этилди.
— Фестивалда қатнашиш учун алоҳида тайёргарлик кўрдик, — дейди «Шарқ либослари» дизайн маркази етакчи мутахассиси Моҳира Ғаффорова. — Кўргазмада намойиш этаётган коллекциямизда «Асрлар садоси», «Хонатлас», «Шарқ гўзали» ва ошқа кўплаб миллий либослар ўрин олган. Коллекцияларни яратишда марказимиздаги ўттиздан ортиқ маҳоратли ёшлар астойдил ҳаракат қилди. Шу ўринда айтишим керакки, марказимиз ходимлари Италия, Франция, Япония, Жанубий Корея, Германия каби давлатлардаги машҳур модельерлардан маҳорат дарслари олиб, йирик модалар намойишида ўз коллекциялари билан мунтазам иштирок этиб келмоқда.
Замонавий киноиндустрия ускуналари кўргазмаси ҳам томошабинларда катта таассурот қолдирди. Махсус эффект ва 3D-технологияси асосида фильм олишга мўлжалланган техникалар намойиши, хорижлик мутахассислар иштирокидаги мастер-класс ва тақдимотлар ёш киноижодкорлар учун муҳим аҳамият касб этди.
— Турли жанр ва мавзудаги қисқа метражли фильмлар суратга оламиз, — дейди «Lime studio» студияси директори Баҳодир Жумабоев. — Ҳафталик доирасидаги тадбирлардан ўзимиз учун кўп нарса ўрганаяпмиз. Дўстлар орттириб, фикр-мулоҳаза алмашдик. Бундай лойиҳалар студиямиз ривожида, мазмунли, томошабинбоп кинокартиналар яратишда қўл келади.
Ёшлар ижод саройи деворларига осилган суратларга боқиб, бундай тасвирий санъат намуналарини чизган ёшларга тасанно айтасиз. С.Жалилованинг «Ўзбек аёли», «Уч оғайни ботирлар», Р.Алибоевнинг «Ёшлик завқи», «Арслон», Р.Раҳимовнинг «Карвон», «Гуллар», Н.Қаюмийнинг «Бахтнинг турфа ранглари» каби картиналарини томоша қилиб, ўйга чўмасиз, ранг-баранг тасвирлар хаёлларингизни узоқ-узоқларга етаклайди.
Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти талабалари тайёрлаган спектакль намойиши билан фестивалнинг биринчи куни якунланди.
Ҳафталикнинг иккинчи куни «PROlogue» — ёш киноижодкорларнинг қисқа метражли фильмлари намойиши билан бошланди. Кинематография соҳасидаги истеъдодли ёшларни излаб топиш ва қўллаб-қувватлаш, кенг жамоатчиликка танитиш, уларнинг профессионал малакасини ошириш, катта экранларда ўз ижодини намойиш этишига йўл очиб бериш мақсадини кўзлаган мазкур лойиҳада профессионал ва ҳаваскор киноижодкорлар ўз ижод намуналари билан иштирок этди.
— «PROlogue» фестивалига саралаб олиш учун юзга яқин қисқа метражли фильм кўриб чиқилди, — дейди «Ўзбеккино» миллий агентлиги бош мутахассиси, фестивал ҳакамлар ҳайъати масъул котиби Моҳичеҳра Жумаева. — Шулар орасидан 20таси намойиш этишга тавсия қилинди. Энг яхши асарлар ғоянинг муҳимлиги, юқори бадиий савия, қизиқарли сюжет, ўзига хос услуб, новаторлик ва изланиш, режиссёр ва оператор маҳорати, актёрлар ижроси каби мезонлар асосида аниқланади.
Достон Ҳожиматовнинг «Қадр» фильмини томоша қилган киши ўқитувчиликнинг қанчалик шарафли касб эканини яна бир бор ҳис этади. Мадраҳим Каримов «Бекасиз уй» фильми орқали одам савдосининг аянчли оқибатларини очиб беришга ҳаракат қилган бўлса, Саидпўлат Ҳакимов 7 дақиқалик «Эйфория» фильмида гиёҳванд моддаларнинг салбий оқибатлари ҳақида ҳикоя қилади. Шукур Холмирзаев асари асосида суратга олинган «Оқ булут» фильми ҳам фестиваль иштирокчиларининг эътирофига сазовор бўлди. Ҳабибулло Лутфуллаевнинг мазкур ижод намунаси синфдошларнинг ўзаро муносабатлари ҳақида. Мафтуна Аллоқулованинг «Вафодор», Мунира Муҳаммаддиёрованинг «Совға», Дмитрий Шеховцевнинг «Кечир», Ольга Ханнинг «Орзулар кемаси», Лазиз Ашуралиевнинг «Ижобат», Сардор Иброҳимовнинг «Аёвсиз уруш» каби фильмларида ҳам ёшлар таълим-тарбияси, одоб-ахлоқи, маънавий-маърифий дунёқарашини бойитувчи ғоялар илгари сурилган.
— «Нидо» фильмимда ёшларнинг тўғри йўлни танлаши, билиб-билмай хатоликка йўл қўймаслигига эътибор қаратдим, — дейди фильм сценарийси муаллифи ва режиссёри, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти талабаси Ҳасан Алижонов. — Тарбиявий аҳамиятга эга фильмни яратишда оператор Истеъдод Усмонов анча тер тўкди. Унинг маҳорати туфайли баъзи муаммоларга ечим топдик. Томошабин 11 дақиқалик фильм орқали ўз хатолари ҳақида бир марта бўлса-да ўйлайди, воқеадан тўғри хулоса чиқаришга ҳаракат қилади.
Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида ўтказилган театр томошалари ҳам гавжум бўлди. Қорақалпоқ давлат университети, Қарши давлат университети, Тошкент педиатрия тиббиёт институти, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Миллий рассомлик ва дизайн институти талабаларининг ҳаваскор театр жамоалари миллий ва жаҳон адабиёти асарлари асосида спектакллар намойиш этди.
— Дарс тамом бўлиши билан фестивалга шошиламан, — дейди Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабаси Муҳаммад Хўжаев. — Тадбирларни томоша қилиб, менда ҳам янги-янги ғоялар пайдо бўлди. Тенгдошларимдан кўп нарса ўзлаштирдим. Келаси сафар ёшлар ҳафталигида томошабин эмас, балки иштирокчи бўлиб қатнашмоқчиман.
Фестиваль доирасидаги 3D-технологияси ва махсус эффектлар бўйича маҳорат машғулоти, «Миллий либос» модалар намойиши, «Батик жозибаси» кўргазмаси ҳамда ёш эстрада хонандаларининг жонли ижродаги концерти ҳам юқори савияда ўтди.
Ёшлар ҳафталигининг навбатдаги кунларида ҳам бир қатор қизиқарли тадбир, кўрик-танлов ва беллашувлар ўтказилади. Жумладан, «Қувноқлар ва зукколар» кўрик-танлови, «Тафаккур синовлари» беллашувининг финал босқичи, «XXI аср — интеллектуал авлод асри» шиори остидаги илмий-амалий конференция, продюсерлик, актёрлик ва режиссёрлик маҳорати бўйича маҳорат машғулотлари, «Болажонлар — ширинтойлар» модалар намойиши бўлиб ўтади. Туризмни ривожлантириш, туман ва шаҳарларнинг сайёҳлик салоҳиятини тарғиб қилишга қаратилган «Янги нигоҳ» видеороликлар танлови ҳам ёшлар қалбига ёрқин таассуротлар ҳадя этиши шубҳасиз.
Ҳасан МЎМИНОВ,
«Ma’rifat» мухбири
Бурҳон РИЗОҚУЛОВ олган суратлар.