Ўқувчилар ўқитувчидан ҳам фаол
Чет тилларни ўрганиш давр талабига айланмоқда. Ёш авлоднинг хорижий тилларни ўрганишга иштиёқи ҳам юқори. Президентимизнинг “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ўқувчиларга 1-синфдан чет тилини ўргатиш жорий қилингани халқимизнинг истагига ҳар жиҳатдан мос бўлди.
Тилшуносларнинг фикрича, болага 5 ёшдан хорижий тилга оид дастлабки билим ва кўникмаларни бериш мумкин. Бу ёшда бола чет тилидаги сўзларни нафақат эшитиб тушунади, балки тил ўрганишга лаёқати ҳам кучли бўлади, онги тез ривожланади, катта бўлгани сайин боланинг чет тилида хатосиз, тўғри ўқиш, ёзиш малакаси ортиб боради. Ўқувчиларнинг чет тилларни мукаммал ўрганиши учун умумтаълим муассасаларида барча имкониятлар яратилди.
Улар қанча кўп тил ўрганишса, шунча яхши. Ахир, бежиз «Тил билган эл билади» дейишмайди-ку. Миробод туманидаги 60-мактабда тажрибали ўқитувчилар жажжи ўқувчилар қалбида хорижий тилларга қизиқиш уйғотаётгани таҳсинга лойиқ. Германия академик алмашинув хизмати (DAAD) вакили Луиза Колцер хоним билан мактабда бошланғич синфларда немис тили дарси қандай кечишини бир соатлик дарс мисолида кузатдик.
2-“Б” синф ўқувчилари дарсни қувноқ саломлашув шеърини баралла ижро этиш билан бошлади. Болалар уйга берилган шеърни ёдлаб келиб, бир олам ҳаяжон билан устозига айтиб беришди. Cўнг расмдаги тасвирлар асосида берилган феълларни инфинитив шаклида туслаб, гаплар тузишди.
Албатта, 2-синф ўқувчиларининг сўз бойлиги у қадар кўп бўлмаса-да, кундалик ўқиш, ишда кўп ишлатиладиган одатий сўзларни жуда яхши билишар экан. Ўқитувчининг:
— Қани, болалар, ким менга trinken (ичмоқ) сўзи қатнашган гап тузиб беради? — деган саволига зукко қиз Тамила ҳаммадан биринчи бўлиб қўлини баланд кўтарди:
— Ich trinke Wasser (мен сув ичяпман).
Болалар жўровозда унинг жавобини «Тўғри!» деб тасдиқлашди.
— «Биз немис тилини ўрганяпмиз» гапи қандай таржима қилинади, Миржалол? — сўради ўқитувчи.
— Wir lernen Deutsch.
— «Куйламоқ» сўзи немис тилида қандай айтилади? Қани, болажонлар, ким жавоб беради?
Шоҳжаҳон қўл кўтариб жавоб беришга шайланади:
— «Singen» бўлади, устоз. Мен қўшиқ куйлаяпман бўлса, Ich singe ein Lied дейилади.
Ўқувчилар билган сўзларини тезроқ айтиб, синфдошларидан ўзиб кетишга ҳаракат қилди. Ўқитувчининг “баракалла”, “қойил сизларга” деган сўзлари уларни руҳлантирди. Кичкинтойлар расмда кўрсатилган феъллар асосида гапларни топқирлик билан тузар, уларни олмошлар иштирокида хатосиз тусларди.
Такрорлаш дарсида болалар ўзининг севимли ўйини пантомимони мароқ билан ўйнашди. Ўйин қоидасига кўра ўқитувчи ўқувчининг қулоғига бир сўзни шивирлайди. Ўқувчи унинг нима эканини фақат қўл ҳаракатлари билан кўрсатиб бериши керак. Болалар дўсти қайси сўзни кўрсатаётганини тушуниб, жавоб қайтаришди. Ўйин бошланиши билан болалар schreiben (ёзмоқ), lesen (ўқимоқ), horen (эшитмоқ), malen (чизмоқ) феълларини тезлик билан топишди. Болажонлар ўз билимини намойиш этишга, ўйинда фаол, эпчил, чаққон, билимдон бўлишга ҳаракат қиларди.
Дарс аввалида ўтилган мавзу мустаҳкамлангандан сўнг ўқитувчи янги мавзу — “Инсон тана аъзолари”ни доскага ёзиб қўйди. Мавзуни тушунтиришда ўқитувчи аудиал методдан фойдаланди. Қувноқ мусиқа жўрлигида ўқитувчи ўқувчилар билан бирга ўз тана аъзоларини кўрсатиб рақсга тушди. Мазкур ҳаракатли ўйинда der Fuss, der Kopf, der Mund, die Finger, der Bauch сўзлари янграр, болалар эса ўз аъзоларини ушлаб кўрсатишарди. Улар янги сўзларни аввал расмда кўриб, сўнг доскага ёзиш орқали бирпасда ёдлаб олишди. Эътиборлиси, болалар эшитган сўзларини кўр-кўрона ёдламади, ўз қўли билан ушлаб ҳис қилган нарсаларини яхши эсда сақлаб қолди. Демак, ўқитувчининг мусиқа ва қўшиқлар ёрдамида дарс ўтиш услуби ўзини оқлаяпти.
— Чет тилларни ўрганишда, аввало, боланинг хотираси қайси йўналишда ривожланганини аниқлаб олиш муҳим, — дейди ўқитувчи Александра Кучирова. — Мисол учун, кимдир эшитиб яхши тушунади, кимдир ўқиганини ёки кўрганини яхши эслаб қолади. Шу индивидуал хусусиятидан келиб чиқиб тил ўргатилса, яхши натижага эришиш мумкин. Ўқитувчи дарсида ана шу ўзига хосликни ҳисобга олиб, ҳар бир болага алоҳида ёндашиб дарс ўтса, ўзи кутган самарани қўлга киритади. Биринчи синфда ўқувчиларнинг кўп сўзларни эшитиб ёдлаб олишига эътибор қаратсак, иккинчи синфда сўзларни тўғри ўқиш ва ёзишни ўргатамиз. Дастур бўйича ҳар чоракда 50тадан ортиқ сўз ёд олишади.
1-синф ўқувчилари 100та сўз билса, 2-синфда 200тага етказилади. Шу тариқа ўқувчиларнинг сўз бойлигини кўпайтириш устида ишлаймиз. Кичик ёшдаги болаларда немис тилини ўрганишда учрайдиган дастлабки қийинчилик сўзларнинг ўқилиши ва ёзилиши билан боғлиқ. Кўриб турганингиздек, ўқувчиларим die Haare (соч) сўзини ёзишда бироз қийналишди. Чунки бу сўз эшитилганда битта “а” товуши бордек туюлади. Аслида эса олмон тилида иккита “а” билан ёзилади.
Александра Кучирова ҳар бир дарсида олдинги мавзуни яхшилаб қайтариб, сўнг янги мавзуга ўтади. Унинг фикрича, чет тили дарси ўйинлар ёрдамида ўтилганда янада қизиқарли ва мазмунли бўлади. Ўқувчилар пантомимо, бинго ўйинини яхши кўриб ўйнайди. Бундай усулда мавзу тушунарли, содда шаклда етиб боради, бола дарсда зерикмайди. Жараёнда ўқувчилар гуруҳларга бўлиниб ишлайди. Уларни бир доира атрофида тўплаб, коптокни бир-бирига улоқтириб, савол-жавоб қилиш усули ҳам жуда самарали. Бундай усул ўқувчининг тезкор фикрлаш қобилиятини ривожлантиради, ўзаро мулоқот маданиятини шакллантиради. Болалар бармоқларида митти қўғирчоқларни ўйнаб, кичик-кичик диалоглар тузиб, ўзаро суҳбат қурадиган ўйинлар ҳам бор.
— Дарсда видеоматериаллардан унумли фойдаланаман, — дейди муаллима. — Жумладан, ўқувчиларим “Феликс билан саёҳат” мультфильмини томоша қилишни яхши кўради. Феликс (айиқча, мультфильм қаҳрамони) Германия бўйлаб саёҳати ҳақида болаларга сўзлаб беради. Мультфильмни томоша қилиб бўлгандан сўнг ўқувчиларга қаҳрамоннинг бошдан кечирган саргузаштлари тўғрисида саволлар бериб, ўзлаштирган билимларини амалда синаб кўраман.
Кузатишлар асосида шунга гувоҳ бўлдикки, мусиқа, ўйин, шеър, қўшиқлар кичкинтойларнинг жону дили экан. Буни ҳис қилган Александра Кучирова айни шу усул орқали ўқувчиларга тил ўргатади. Дарсларда ҳаракатли ўйинларни мазза қилиб ўйнаётган болажонлар дарсдан бир олам завқ олиб, немис тилини мароқ билан ўрганарди. Муҳими, ноодатий усулдаги дарсда ўқитувчидан ҳам кўра ўқувчилар фаол.
Александра навбатдаги топшириғида ҳар бир болага алоҳида карточка тайёрлаб келган экан. Ўқувчиларнинг ёзиш кўникмасини мустаҳкамловчи машқда болалар олмошларни феъллар билан туслаш орқали, ўзлари ҳақидаги маълумот билан қоғозчани тўлдиришди. Дарс якунида болаларга ўтилган сўзларни яхшилаб ёдлаб келиш топширилди.
Кутилмаганда қўнғироқ чалинди. Қизиқарли ўйин ва ранг-баранг методларга бой бўлган қирқ беш дақиқалик дарс қандай ўтиб кетганини сезмай қолибмиз. Ўқувчилар биз билан немисчалаб «Auf Wiedersehen. Bis nachstes Mal», дея хайрлашишди. Болаларнинг юз-кўзидан чет тили дарсида ўрганилган янги билимлардан мамнунлик, хурсандчилик кайфиятини уқиб олиш қийин эмасди.
Биз билан дарсни кузатган Колцер хоним ўз таассуротларини тўлқинланиб сўзлаб берди:
— Ўзбекистонда болаларнинг чуқур билим олиб, чет тилларни пухта ўрганишига имкониятлар кўп. Менга, айниқса, ёш педагогларнинг турли ўйин ва методлар ёрдамида дарсларни юқори савияда ўтиши хуш келди. Бугун ҳам замонавий усулдаги дарсни кузатдим. Ўқитувчининг мотивацияси, болажонларнинг бир-бири билан дарсда қувнаб тил ўрганаётгани, ҳаракатли ўйинлардан завқ олаётганига гувоҳ бўлдим. Ҳали кичик бўлишига қарамай, ўқувчилар чет тилида гаплар тузишга ҳаракат қилишаяпти, қўшиқ куйлаб, шеърлар айтишаяпти. Болаларнинг осонлик билан тил кўникмаларини ўзлаштираётгани, сўз бойлиги устида ишлаб, топшириқларни қизиқиш билан бажаришидан ҳайратландим.
Чет тилини ўрганиш—янги дунё эшикларини очиш дегани. Хорижий тилларни яхши билган инсон ҳаётда кам қоқилади, бошқа мамлакатларнинг урф-одат ва маданияти билан яқиндан танишади, ўша тилдаги бадиий асарларни ўқиб, дунёқараши ўсади. Чет тилида эркин сўзлашаётган болаларни кўрганингизда беихтиёр ҳавасингиз келади.
Одина ҚУЛМУРОДОВА,
«Ma’rifat» мухбири
Владимир ГРАНКИН олган суратлар.